Бобур асарларида ватан соғинчи

  • 18:02
  • 15,02-2019
  • 270
  • Улашинг

 

 

Бобур талқинида «Ватан» тушунчаси инсон туғилган гўша, камол топган замин, ота-она, яқин қариндошлар тафтига бурканган мўъжизакор олам, «Ватан соғинчи» эса азим тупроқ, қир-адирлар, табиат, иқлим, тоғу тошга йўғрилган кенгликлар, яқинлар дийдорини қўмсашдир.

 Бобур ижодининг машҳур бўлишига, «Бобурнома»нинг шуҳрат топишига унинг Ватанга муҳаббати, юрт соғинчига оид тасвирлари ҳам асосий омилдир.

Ватан соғинчи Бобур ҳаёти ва ижодининг асосий мазмунини ташкил қилади. Шоир шеъриятининг ҳасби ҳол хусусиятига эгалиги Ватан, она юрт соғинчи асосидаги таъсирчан чизгиларга замин яратган. Ватан тимсоли, соғинч туйғулари Бобур ижодида она юртнинг тўғридан-тўғри тасвири ҳамда рамзий тимсол асосида, «ёр» образи орқали намоён бўлади.

Бобур ўзи туғилиб ўсган юртнинг ҳар қарич ерини яхши билади. Уни меҳр билан тасвирлайди. Фарғона вилояти, Андижон тасвирларида унинг шу заминга муҳаббати, соғинчи уфуриб туради. Масалан, Ахсидан чиқишдаги Банди Солор йўлининг узунлиги ҳақида ёзади: «Бу йўлким, Банди Солор йўли бўлғай, тўққуз йиғоч йўлдур». Элининг яшаш тарзи, урф-одатлари ҳақида ҳам маълумотга эга эканлигини намоён қилади: «Андижон вилоятининг саҳронишинларидин бир Чакрак элидур, қалин элдур. Беш-олти минг уйлук эл бордур. Фарғона била Кошғар орасидағи тоғларда бўлурлар». Чорвадор халқлиги, қандай ҳайвонларни сақлаши борасида фикрларини ҳам баён қилади: «Отлари кўп ва қўйлари қалиндур».

Бобур талқинида «Ватан» тушунчаси яқинлар дийдори, қадрдонлар билан бир бутунликда намоён бўлади. У кўп ҳолларда якка қолиб, ёлғизликда изтироб чеккан бўлса-да, ёлғизликни қоралайди, ҳамиша яқинлар, дўстлар даврасида бўлишни тарғиб этади. Жумладан, Ҳумоюнга шундай маслаҳат беради: «Подшоҳлиқ била ёлғузлуқ рост келмас. Агар менинг ризомни тиларсен, хилватнишинлиқни ва эл била кам ихтилотлиқни бартараф қилғил. Кунда икки навбат инингни ва бекларни ихтиёрлариға қўймай, қошинг­ға чорлаб, ҳар маслаҳат бўлса кенгашиб, бу давлатхоҳларнинг иттифоқи била ҳар сўз унга қарор бергайсан».

Бобур шоҳ сифатида аъёнларини, саркарда сифатида аскарларини, ота сифатида фарзанд­ларини қадрлайди, уларни соғиниб яшайди. Ҳумоюнни соғингандаги изтироблари унинг ота сифатида ҳам комил инсон бўлганига далолатдир: «Ва Муҳаммад Ҳумоюн бир или эдиким, Бадахшонда дийдорлардин айру тушиб эрди, сўнгра бизни соғиниб, Бадахшонни Мирзо Сулаймонким, анинг куёви эрди, топшуруб, бир кунда Кобулға келур. ...Бир неча кунда дорул-хилофа Ограга етиб, ўшул соатким, биз анинг онаси билан отини тутуб, сўзлашиб ўлтуруб эрдукким, ета-ўқ келди». Бобур ота-она ва фарзанд дийдорлашувини «Кўнгуллар гул янглиғ очилиб, кўзлар чироғдек ёруди» деб тасвирлайди.

Соғинч изтироблари Ватанни қўмсаш туйғулари билан уйғунлашиб кетади. Самарқандни эгаллай олмагач, Бобур Кобулга юз буради. У ерда салтанат бунёд этади. Мамлакатни обод қилади. Ҳиндистонни эгаллагач ҳам Кобул салтанатидан хабардор бўлиб, у ердаги яқинлари билан ёзишиб туради. Масалан, Бобур Хожа Калонга битган мактубида Ватан соғинчини жуда таъсирчан сатрларда акс эттиради.

Бобурнинг саргардонлик изтироблари, ватан соғинчи акс этган шеърлари чуқур руҳият ифодаси билан ажралиб туради:

Толеъ йўқи жонимға

балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим,

хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд

сори юзландим

Ё, Раб, нетайин не юз

қаролиғ бўлди.

 

Бу рубоий Бобурнинг саргашта умри, осойишталик билмаган ҳаёти, ўзга юртлардаги шоҳлик қисмати ҳақида сўзловчи тавсиф тўртлигига айланган. Бобур зафарли онларида «Тенгри талонинг инояти бирлан Ҳиндистондек васеъ мамлакат бизга мусаххар бўлди» дея мамнун туйғуларини изҳор қилади. Ва ўрни келганда ушбу воқеани, «Ҳиндис­тонга юзланиш»ни «бу не юз қаролиғ» деб ёзғиради, қалбидаги зид туғёнларни акс эттиради.

Бобур шеърияти Ватан соғинчига йўғрилган, ёрга бўлган самимий муҳаббат тараннум этилган, инсоний муносабатлардаги азалий муаммолар қаламга олинган таъсирчан мисралардан иборат. Бобурнинг ҳасбу ҳол мазмунидаги шеърияти асосан Ватан соғинчи, юрт мадҳи ҳақидаги бадиий жиҳатдан мукаммал сатрларни ўз ичига олади. Шоир ўз Ватанини рамзий тарзда севикли ёрга, санамга, хушқоматли сарвга қиёслайди. Бобур Ватандан айрилиқни ўзига қисмат деб билади:

Ғурбатға солди чарх мени

юз жафо била,

Ёд айламайин ғарибни

гоҳи дуо била.

У ёр тимсолидаги она Ватанига меҳр қўяди, меҳр кўрсатади. Она юртга бўлган соғинчини изҳор айлар экан, Ватанининг ҳам уни соғинганига ишонгиси келади.

Беҳад вафоу меҳр санга

кўрсатиб эдим,

Сен ҳам соғинғасен меҳру

вафо била.

 

Баъзан Ватанни кишиларни ўзига тортувчи, жалб қилувчи санамга қиёслайди ва унга эришишда Аллоҳдан мадад сўрайди:

Чун қилди мени ул бути чин

зору мубтало,

Ишим менинг қолибтурур

эмди худо била.

 

Бобур Ватандан айро шодлик бўлмаслигини, Ватандан айрилиқ аламининг тенгсиз азоб эканлигини таъкидлайди:

Кўрмон фараҳни бир дам агар

андин айрумен,

Билмон аламни бормен анинг

бирла то била.

 

Яна тонгги сабодан Ватанга бўлган соғинчини, унга бўлган муҳаббатини етказишини ва тупроғини ўпиб изҳор этишини сўрайди:

Ул сарвға карам қилибон еткур,

эй сабо,

Бобир ниёзини ер ўпуб адо била.

 

Бобурнинг ўзини бахтиёр ҳис қилган онлари «тенгри инояти билан» берилган неъматларга, салтанат билан боғлиқдир. Унинг «юзи қаролиғ» бўлган бахтсизлиги эса саргашталикда умр кечириши, Ватанидан айро тушган қисматида намоён бўлади. Бобур «Ўн бир ёшимдин бери икки рамазон ийдини паё-пай бир ерда қилғон эмас эдим» жумласида умрининг саргашталигини, саргардонлик моҳиятини тўлиқ ифодалай олган.

Бобур ижодида Ватан тимсоли, юрт соғинчи чизгилари у туғилиб ўсган замин тупроғи, суви, табиати, иқлими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, унинг яқинлари, ёру дўстлари меҳри, дийдори, она тупроқда яқинлар билан бирга кечган саодатли онлар, шу дамлар ҳақидаги хотиралар билан мужассамланган ҳолда намоён бўлади. Шоир ижоди ҳар жиҳатдан Ватанга меҳр-муҳаббат туйғусини шакллантиришда ҳам тарбиявий аҳамиятга эга. Бобурнинг мардлиги, жасурлиги, шижоати, моҳир саркардалиги, Ватанига муҳаббати, аввало, ўғлонларимиз учун ибрат намунаси бўлмоғи керак. Бобур ижоди Ватан нелигини, уни йўқотиш, ундан айро тушиш бахтсизлик ва фожиа эканлигини кўрсатади. Бобур ижодини ёшларга сингдиришни икки усулда: ҳам таълим жараёнида, ҳам маънавий-маърифий тадбирлар орқали амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Бобурнинг айрилиқ ва соғинч ҳақидаги шеърлари ёшларни Ватанни қадрлашга, уни асраб-авайлашга даъват этади.

Бобур Ватанини соғиниб, она юртининг ҳам уни унутмаганлиги, қўмсашига умид боғлаб, «Сен ҳам соғинғасен меҳру вафо била» деган эди. Аслида бу хитоб бугунги авлодни Ватанни севиб, ардоқлашга, уни соғиниб яшашга чақирувчи ўтли даъватдир.

 

Зулхумор ХОЛМАНОВА,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори.

Ўхшаш мақолалар